«Коронавирус бепуштликка олиб келадиган касалликлар сирасига кирмайди» — Нурмат Отабеков
АОКАда 15 сентябрь, сешанба куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан келган мурожаат ва саволларга жавоб қайтарилган.

Фото: «Repost»
Хусусан, Нурмат Отабеков болалар коронавирус билан касалланса, келажакда бу уларнинг саломатлигига таъсир кўрсатиши (масалан, бепуштликка олиб келиши мумкинлиги) ҳақидаги саволга жавоб берган.
Коронавирусга қарши кураш штаби аъзосининг айтишича, COVID-19 келажакда фарзанд кўрмаслик (бепуштлик) каби ҳолатларни келтириб чиқарадиган касалликлар сирасига кирмайди.
«Коронавирус касаллиги мутлақо янги касаллик бўлиб, ҳали у ҳақда етарли маълумотга эга эмасмиз. Бу борада алоҳида илмий изланишлар амалга оширилмаган. Қолаверса, касаллик ёш болаларда жуда енгил формада ўтяпти, шунинг учун келажакда бирор-бир жиддий асорат қолдириши ҳақида башорат қилиш нотўғри бўлади», — дейди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2 минг нафарга яқин 9 ёшгача бўлган болалар коронавирусга чалингани маълум қилинганди.