Самарқандда 8 ойда 362 нафар айбдор мансабдор ва хизматчи жазоланди

Самарқандда 2020 йилнинг 8 ойи давомида ваколатли идораларда 4187 та қонун бузилиши ҳолати содир этилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Таъкидланишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан 362 нафар айбдор мансабдор шахс ва хизматчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Ваколатли органларга 378 та огоҳнома, 61 та тақдимнома киритилган. Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган айбдор шахсларнинг барчасига нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилган.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Азизовнинг маълум қилишича, сентябрь ойи бир иш ҳафтаси мобайнида бўлим томонидан 118 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган. Аниқланган қонубузилиш ҳолатлари юзасидан Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев номига «Қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши мумкин эмаслиги тўғрисида» огоҳнома киритилди.

Шунингдек, қонубузилиш ҳолатига йўл қўйганлиги учун Ургут тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг инспектори Илҳомжон Каримовга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилган. Бундан ташқари, 8 та ваколатли органнинг айбдор ходимлари тегишли хатлар асосида чақиртирилиб, уларнинг маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари кўриб чиқилмоқда.

Аввалроқ Қўрғонтепада 100 дан ортиқ тиббий ниқобсиз юрган фуқаро жаримага тортилгани, Самарқандда 40 нафардан ортиқ одам иштирокида тўй ўтказилган тўйхонага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар