Самарқандда тақсимлаш маркази ташкил этилгач, COVID-19 беморларини даволаб келган 5 та шифохона ўз йўналишига қайтди

Самарқанд вилоятида тақсимлаш маркази ташкил этилгач, COVID-19 беморларини даволаб келган 5 та шифохона ўз йўналишига қайтди. Бу ҳақда «Zar News» хабар берди.

Маълум қилинишича, пандемия даврида вилоятда жами 5 та муассаса, жумладан, вилоят кардиология диспансери, юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят саломатликни тиклаш шифохонаси, Самарқанд медицина институтининг 2-клиникаси ва вилоят ногиронлар реабилитация марказларида коронавирус билан зарарланган беморларга тиббий хизмат кўрсатилиб келинган.

Айтилишича, 1080 ўринли тақсимлаш маркази ташкил этилиши муносабати билан мазкур муассасаларда тозалаш ишлар олиб борилган ва фаолияти бўйича ишлаш учун тўлиқ имконият яратилган. Шу билан бирга, вилоят юқумли касалликлар ва Самарқанд туманида жойлашган вилоят саломатликни тиклаш шифохоналарида ҳам дезинфекция ишлари тугатилиб, ўз фаолиятини бошлаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 14 сентябрь коронавирус аниқланган 572 кишидан 75 нафари Самарқанд вилоятида қайд этилган. 6 нафар бемор вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, 8 август куни Самарқанд ҳокими Эркин Турдимов Олимпия захираларини тайёрлаш мажмуасида тақсимлаш маркази ташкил этилганини маълум қилганди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида 4 та саралаш ва тақсимлаш марказида 1843 та ўрин бўш қолгани ҳақда хабар берилган эди. Шунингдек, Шуҳрат Ғаниев «Само» спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида тиббий жиҳозларни ўрнатиш жараёни билан танишган. 

Янгиликлар