Ургутда собиқ муҳаррир фаолиятидаги камчиликларни яшириш эвазига 20 минг доллар сўраган аудитор ушланди

Самарқанд вилояти Ургут туманида собиқ муҳаррирдан фаолиятидаги камчиликларни яшириш эвазига 20 минг доллар сўраган аудитор ушланди. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро А.Б. масъулияти чекланган жамият шаклидаги аудиторлик ташкилотида аудит ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

У шартномага асосан 2020 йилнинг 10 март куни «Ургут садоси» таҳририятининг молиявий аҳволини ўрганишни бошлаган. Текширув давомида аниқланган камчиликлар фуқаро С.Т.нинг муқаддам бош муҳаррир бўлиб ишлаган даврига тўғри келишини аниқлаб, телефон орқали суҳбатлашган. С.Т.дан кўп миқдорда пул талаб қилган.

«Ургут садоси» газетасида 2017 йил декабрдан 2020 йил 3 мартга қадар бош муҳаррир бўлиб ишлаган С.Т.нинг судда маълум қилишича, лавозимидан бўшатилганидан кейин янги бош муҳаррир аудит текшируви ўтказилгач, ҳужжатларни, бошқа воситаларни топшириш ва қабул қилиш ишлари амалга оширилишини айтган.

Шундан сўнг С.Т. уйида якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган. Бир куни бегона рақамдан қўнғироқ бўлиб, унинг бош муҳаррирлик фаолиятида кўплаб камчиликлар аниқланаётганини, агар келишолса, бу маълумотларни ИИВга бермаслигини билдирган. С.Т. айтилган манзилда учрашувга рози бўлган. Мулоқот давомида А.Б. аниқланган камчиликларни очиқламаслик шарти билан 20 минг доллар талаб қилган.

Фуқаро С.Т. бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматига мурожаат қилган ва бир неча кундан кейин 10 минг доллар бера олишини айтган.

Белгиланган жойдаги учрашувда А.Б. 10 минг долларни олмаган. Махсус ишланган тахламдаги пуллардан 100 АҚШ долларини олган. Бозорга бориб, харид қилиш учун пул сўраган А.Б.га С.Т. ўрамдаги пуллардан яна бирини тутқазган. Шундан сўнг А.Б. қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.Б.га 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. А.Б. шунингдек, 3 йил ташкилотларда аудиторлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Аввалроқ Қўқон давлат педагогика институтига киритишни айтиб, фуқародан 3 минг доллар пора олган олийгоҳ ходимлари ушлангани, Жиззахда 8 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шифокорларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар