Сенатор яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш бўйича лойиҳа қайта кўриб чиқилишини айтди

Олий Мажлис сенатори Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев «Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон лойиҳасига ўзгартиришлар киритилиши мукинлигини билдирди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 8 октябрь куни Президентнинг «Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси Молия вазирлиги томонидан www.regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган. Ушбу фармон жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиниб, турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

«Яширин иқтисодиёт турли шаклларда намоён бўлиши ва мамлакатимизда унинг даражаси юқорилигича қолаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Буни мамлакатимизнинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрнидан ҳам кўрса бўлади. Хусусан, ушбу рейтингда республикамиз 186 та мамлакат орасида 114-ўринни эгаллайди», — деб ёзади сенатор.

Шунингдек, Эркин Гадоев сўнгги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилаётганини таъкидлаган ҳамда Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Президент Фармони лойиҳаси ҳам ушбу мақсадларни назарда тутишига ишонч билдирган.

Бунга қўшимча тарзда, у яширин иқтисодиётга қарши курашишда иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик лозимлигига тўхталиб ўтган. Таҳлилга кўра, акс ҳолда бу амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатиш мумкин.

Фармон лойиҳаси юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлари, илмий доира вакиллари, журналист ва блогерлар томонидан оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банкка ўз таклифларини киритган.

«Ўйлаймизки, масъул вазирлик ва идоралар жамоатчилик фикрини эътиборга олиб, ушбу Фармон лойиҳасини қайта кўриб чиқади», — дейди Эркин Гадоев.

Аввалроқ Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни қисқартириш стратегияси ишлаб чиқилиши, «Инсофли солиқ тўловчи» тизими шакллантирилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар