Тошкент вилоятидан Самарқандга автобус қатнови йўлга қўйилади

Aнгрен—Олмалиқ—Самарқанд йўналишида 15 октябрдан бошлаб мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, Транспорт вазирлиги қошидаги «Uzautotrans service» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилаётган автобуслар 15 октябрь куни соат 9:00 да Aнгрен автостанциясидан ҳаракатланишни бошлайди. Соат 10:00 да эса Олмалиқ автостанциясидан Самарқанд шаҳри томон йўлга чиқади. Aвтобуслар Бекобод шаҳри орқали қатнайди.

Вазирлик хабарида Aнгрендан Самарқандгача йўл ҳақи 50 минг сўм этиб белгилангани маълум қилинган. Олмалиқдан Самарқандгача эса 45 минг сўм тўлаш керак бўлади. Чипталарни Aнгрен, Олмалиқ, Самарқанд автостанциялари кассаларидан сотиб олиш мумкин.

Aввалроқ Жаслиққача борадиган қўшимча поезд қатнови 15 октябрдан амалга оширилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар