Уйчида 250 граммдан ортиқ сохта металлни 25 минг долларга сотмоқчи бўлган жиноятчилар ушланди

Наманган вилояти Уйчи туманида 266,48 грамм сохта металлни 25 минг долларга сотмоқчи бўлган жиноятчилар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Уйчи туман бўлими томонидан туман ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мазкур ҳолат аниқланган. Бунга кўра С.Ж. ва Б.К. олдиндан тил бириктириб, фуқаро Б.О.га умумий вазни 266,48 грамм бўлган уч дона «Плат» деб номланган металлни қимматбаҳо эканлигига ишонтириб, ҳар бир грамини 900 минг сўмдан ҳисоблаб, 25 000 долларга сотишга келишган.

Маълум қилинишича, С.Ж. ва Б.К. ушбу суммадан 15 000 AҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган. Экспертиза хулосасига кўра, қонунбузарлардан олинган уч дона қизғиш рангли қуйма металл бўлаклари таркибида қимматбаҳо металлар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.Ж. ва Б.К.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168˗моддаси 4˗қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Aввалроқ Наманганда 33 фуқарони 411 миллион сўмга чув туширган эркакка жиноий иш қўзғатилгани ҳамда Чустда 59 миллион сўмлик 2 та қорамолни алдов йўли билан олиб кетган эркакка чора кўрилгани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар