Сирдарёда сув омбори ёрилиб кетгани ҳақида хабар тарқатиб, аҳоли орасида ваҳима уйғотганлар ушланди — видео

Сридарё вилоятида 14 январь куни қўшни Тожикистондаги Қайроққум сув омбори очилиб кетганлиги тўғрисида ёлғон маълумот тарқатиб, аҳоли ўртасида ваҳима уйғотганлар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида яшовчи фуқаролар ҳеч қандай далилга эга бўлмасдан аҳолига ёлғон хабар тарқатган. Сардоба туманида яшовчи Э.М. танишларидан эшитган ассосиз маълумотларга ишониб, турмуш ўртоғига уйдан дарҳол чиқиб кетишни тайинлайди. Бу орқали туманнинг Дўстлик маҳалласида аҳоли ўртасида ваҳима тарқалишига сабаб бўлади.

Таъкидланишича, ушбу хабарни эшитган Оқолтин туманида яшовчи блогер Б.Ж. Тожикистондан тошқин келаётганини айтиб, одамларни уйларини тарк этишга ундовчи видеони тасвирга олиб YouTube’га жойлайди. Бундан ташқари, Мирзаобод туманида яшовчи Р.Ф. Сардоба ва Оқолтинда аҳоли орасида уйғонган ваҳимани опасидан эшитади ва қўни-қўшниларини уйғотиб, уйларини тезроқ тарк этишга ундайди.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда 14 январь оқшомида қўшни Тожикистон ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омборида тўғон ёрилгани ҳақида миш-мишлар тарқалган. Кейинчалик вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев туманларга етиб бориб аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва саросимага тушмасликка чақирган.

Янгиликлар