Фарғонада кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлади

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги кўп қаватли уй хонадонларидан бирида газ портлади. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Фото: Фарғона вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Хабарга кўра, 1 апрель куни соат 06:25 да Қувасой шаҳар «Зийнат» маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг хонадонларидан бирида газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши натижасида портлаш содир бўлган. Воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув экипажлари етиб бориб, қутқарув ишларини амалга оширган.

Қайд этилишича, чақнаш оқибатида уй эгаси турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Фото: Фарғона вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Маълум бўлишича, хонадон табиий газдан қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган. Шунга қарамай, фуқаро А.И. ёнғин ва техника хавфсизлиги талабларини бузиб, тармоққа резина шланг орқали уланиб олган.

Таъкидланишича, чақнашнинг асосий сабаби табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, деб тахмин қилинмоқда. Воқеа жойига тегишли идораларнинг куч ҳамда воситалари жалб қилиниб, содир бўлган вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Масъул ташкилотлар томонидан бинонинг фойдаланишга яроқлилиги ўрганилмоқда.

Айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар