Тошкент шаҳридаги 2 та мактаб ўқитувчиларда COVID-19 аниқлангани сабабли ёпилди

Тошкент шаҳридаги 2 та мактаб ўқитувчиларда COVID-19 аниқлангани сабабли ёпилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова ўзининг Telegram каналида пост қолдирди.

Кадр: YouTube

«Хабарингиз бор, бугунги кунда барча ҳудудларда мактаб ўқитувчиларининг COVID-19 инфекциясига тест топшириш жараёни амалга оширилмоқда. Тест топшириш жараёнида, афсуски, натижалар мусбат чиқаётган ҳолатлар ҳам бор. Қувонарли томони аксарият ўқитувчиларда касаллик аломатларсиз енгил ҳолда кечаётгани сабабли уларнинг айримлари ўзлари ҳам вирусни бошидан кечираётганидан бехабар бўлган», — дейди Лайло Рустамова.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котибининг сўзларига кўра, Шайхонтоҳур тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг маълумотига асосан COVID-19 инфекцияси аниқланган ўқитувчилар фаолият юритаётган Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 40- ва 262-сонли мактаблар фаолияти эҳтиёткорлик ҳамда хавфсизлик мақсадида Маҳаллий кенгаш қарори билан вақтинча тўхтатилган.

Таъкидланишича, маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан қабул қилинган мактабларни ёпиш ёҳуд очиш тўғрисидаги қарорлар у ёки бу мактаб жамоаси ва мактаб ўқувчилари, яъни болаларнинг саломатлигини ўйлаб амалга оширилади. Шу боис матбуот котиби ўқитувчилардан ҳам, ота-оналардан ҳам бундай ҳолатларда ортиқча хавотирга тушмасликларини, санитария-гигена қоидаларига риоя қилган ҳолда одатий ҳаёт тарзини давом эттиришларини сўраган.

Шунингдек, бундай ҳолатларда ота-оналардан талаб қилинадиган асосий нарса масофадан яратиб берилаётган таълим имкониятларидан фойдаланиб, фарзандлари билим олишини назорат қилишдан иборат эканлиги ва бу масалага жиддий ёндошишларини илтимос қилган. Бундан ташқари, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур вирус 2 йилгача чекинмаслигини прогноз қилганини айтиб ўтган.

«Карантинга олинган мактаблар дезинфекция ишлари амалга оширилганидан сўнг Маҳаллий кенгаш депутатлари қарори билан яна ўз фаолиятини тиклайди. Шу билан бирга, бугунги кунда барча ҳудудларда очилмаган мактаблар фаолиятини тиклаш бўйича ҳам ишлар кетмоқда», — дейилади Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби хабарида.

Маълумот учун, Президент топшириғи билан мактабларнинг очилиши ҳамда ёпилиши тўғрисидаги қарорни қабул қилиш ваколати фақатгина Маҳаллий кенгаш депутатларига топширилган. 16 сентябрь ҳолатига кўра, республикада  2 550 та (25 фоиз) мактаб ўз фаолиятини анъанавий шаклда амалга оширмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 14 сентябрдан анъанавий шаклда фаолиятини бошлайдиган мактаблар сони маълум қилинганди.