Ўзбекистонда 15 октябрдан карантин чоралари яна қаттиқ кучайтирилиши ростми?

АОКАда 15 сентябрь, сешанба куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда аҳолидан келган мурожаат ва саволларга жавоб қайтарилди.

Фото: «Repost»

«Карантин чоралари 15  октябрдан яна қаттиқ кучайтирилиши ростми?» деган саволга Нурмат Отабеков қуйидагича жавоб берди:

«Аввало шуни таъкидлаш керакки, республикамизда ҳали карантин чоралари бекор қилинмаган, балки юмшатилган. Аммо фуқароларнинг нотўғри тушунганликлари натижасида аҳоли орасида коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камаймаётганлиги сир эмас.

Бир нарсани унутмаслик керак: ‘мен, сен, улар’ дейилганидек, карантин тадбирлари кучайтирилиши ва юмшатилиши бизнинг хатти-ҳаракатларимизга боғлиқ, агар биз карантин ва чеклов тадбирларини менсимас эканмиз, профилактик тадбирларни унутиб қўярканмиз, мутахассис-шифокорларнинг тавсияларига риоя этмас эканмиз, у ҳолда касаллик кўпайиб кетишига ва Республика махсус комиссиясининг карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилишига мажбур қиламиз», — дейди Нурмат Отабеков.

Аввалроқ Қўрғонтепада 100 дан ортиқ тиббий ниқобсиз юрган фуқаро жаримага тортилгани, Самарқанд шаҳрида мактаблар очилиши кечиктирилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар