Самарқанд шаҳрида мактаблар очилиши кечиктирилди. 21 сентябрдан 2 та мактабда таълим анъанавий шаклда бошланади

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри Ёшлар марказида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг навбатдаги ўн иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, сессияни шаҳар кенгаши раиси Бобомирзо Облоқулов олиб борган. Мазкур сессия давомида мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, барча умумтаълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги ва белгиланган карантин талабларини амалга ошириш учун етарли шароитнинг яратилганлигига қараб босқичма-босқич мактабларда анъанавий таълимнинг йўлга қўйилиши қайд этилган. Шунингдек, мактаб микроҳудудидаги маҳаллаларнинг «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга бўлиниши режалаштирилган.

Шаҳар халқ таълими бўлими мудири Нигора Садинова ХТБ тасарруфида 81 та умумтаълим мактаби, 1 та «Баркамол авлод» болалар маркази ва Самарқанд давлат университети ҳузуридаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб фаолият юритаётганини таъкидлаган. Ушбу таълим муассасаларида 5119 нафар педагог-ходим 96 831 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия бераётганини қайд этган.

Сессия давомида мактабларда анъанавий таълим жараёнларини бошлаш борасида ўрганиш натижалари ва муассасалардаги тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинган. Сўнг депутатлар мактаблардаги мавжуд ҳолат бўйича шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик марказининг тегишли хулосасига кўра анъанавий таълимга рухсат берилишига келишган. Келишувга кўра, фақатгина бошланғич синфлар учун анъанавий таълимни босқичма-босқич йўлга қўйилиши белгиланган.

Қайд этилишича, шаҳардаги 9 ва 58-мактабларнинг 1-4–синфлари учун 14 сентябрдан онлайн, 21 сентябрдан анъанавий таълим жараёнини бошлашга рухсат берилган. Таъкидланишича, мактабларда анъанавий таълим фақатгина шаҳар СЭОМ хулосасига кўра амалга оширилиши қайд этилган.

Шунингдек, сессияда шаҳар давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини бошлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Муассасаларнинг тайёргарлиги мутахассислар ва кенгаш депутатлари томонидан ўтказилган мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини бошлашга рухсат бериш масаласи навбатдаги сессияда қайта кўриб чиқилиши белгиланган.

Маълумот учун, 25-26 август кунлари мавжуд мактаблардаги ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида ўтказилган сўровномада 92,2 фоиз ота-она иштирок этган. Сўровнома натижасига кўра 69,1 фоиз ота-она фарзандларини онлайн тарзда таълим олиш истагини билдирган ва 30,9 фоиз ота-она анъанавий таълимга розилик билдирган. Aммо ота-оналарнинг катта қисми бошланғич таълимни анъанавий тарзда давом эттириш бўйича ўз таклифларини билдирган.

Aввалроқ Пастдарғомда мактаб ва боғчалар 14 сентябрдан босқичма-босқич очилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Пайариқда коронавирусга тест олинган 576 нафар ўқитувчидан 60 нафарида вирус аниқлангани маълум қилинди.

Янгиликлар