Пастдарғомда мактаб ва боғчалар 14 сентябрдан босқичма-босқич очилади

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида мактаб ва боғчалар 14 сентябрдан босқичма-босқич очилади. Бу ҳақида Халқ депутатлари Пастдарғом тумани кенгашининг ўн бешинчи сессиясида маълум қилинди.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, сессияда туман прокурори, туман ҳокимининг ўринбосарлари, депутатлар шунингдек, кун тартибидаги масалалар юзасидан иштирок этди. Сессия кун тартибида 7 та масала муҳокамага қўйилди.

Жумладан, Пастдарғом туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларининг коронавирус пандемияси шароитида 2020/2021 ўқув йилини бошлаш тартиблари масаласи юзасидан масъулларнинг маърузаси тингланди ва депутатлар томонидан муҳокама қилинди.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Пастдарғом туманида 127 та умумтаълим мактаби, шунингдек, 64 та давлат мактабгача таълим муассасаси, давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари 5 та, нодавлат мактабгача таълим муассасалари 3 тани ташкил қилади. Сессияда тумандаги умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари 14 сентябрдан босқичма-босқич, белгиланган меъёрларга асосан очилиши белгиланди.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам масъуллар сўзга чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар инобатга олиниб, кун тартибидаги масала юзасидан туман кенгаши қарори қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқ таълими вазирлиги пандемия шароитида мактабларга кириб-чиқиш тартибини маълум қилганиПешку ва Ромитандаги 6 та мактабда, Фарғонада 19 та мактабда синов тариқасида дарс жараёнлари бошлангани хабар қилинган эди.

Шунингдек, янги ўқув йилида мактаблардаги бир қатор фанлар вақтинча ўтилмаслиги мумкинлиги, мактабларда дезинфекция воситаларини харид қилишда ўқитувчилардан пул йиғилмаслиги ҳамда COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари маълум қилингани ва ўқувчилар янги ўқув йилида форма киймаслиги ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар