Ўзбекистонда Корея билан ҳамкорликда тиббиёт олийгоҳи ва онкология маркази ташкил этилади

Ўзбекистонда Корея билан ҳамкорликда тиббиёт олий ўқув юрти ва онкология маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 16 сентябрь куни Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси, ушбу ассоциациянинг коронавирусга қарши курашиш бўйича штаби етакчи маслаҳатчиси, Корё университети профессори Цой Чже Ук билан учрашув ўтказган.

Мулоқот давомида коронавирус билан касалланган беморларни даволаш ва уларнинг хасталикдан тезроқ фориғ бўлиши учун юқори тиббий технологиялардан фойдаланишни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Цой Чже Укнинг айтишича, Кореяда бир ҳафтадан сўнг умумтаълим мактаблари очилиши режалаштирилмоқда. Дастлаб мактаб ўқувчиларининг учдан бир қисми уч кун давомида анънавий, қолган икки қисми онлайн тарзда ўқитилади. Уч кундан сўнг биринчи гуруҳга топшириқлар берилиб, уйда онлайн таълимга ўтказилади ва кейинги уч кунликда эса навбатдаги гуруҳ чақирилади ва жараён шу тарзда давом этади. Агар бу тажриба яхши самара берса, барча ўқувчилар учун анънавий таълим йўлга кўйилиши мумкин. Олий таълим муассасалари эса, асосан, онлайн режимда фаолият юрита бошлайди. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятига ҳозирча рухсат берилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтган мулоқот давомида Корея билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази қурилиши ҳам маълум қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 20 май куни пойтахтда Корея лойиҳаси асосида қурилган Болалар миллий тиббиёт марказига борганида унинг ёнида катталар учун ҳам клиника ҳамда олий ўқув юрти ташкил этилиши ҳақида айтган. Бугунги учрашувда Корея билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тиббиёт олий ўқув юрти ва онкология маркази ҳам шу ҳудудда жойлашиб, йирик тиббиёт комплекси ташкил этилиши маълум қилинган.

Аввалроқ Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида Латвия университети билан ҳамкорликда қўшма филиал очилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар