Попда 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшга 30 сотихдан ер ажратилди

Наманган вилояти Поп туманида 16 сентябрь, чоршанба куни ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан 100 нафар ёшга 30 сотихдан ер ажратилди. Бу ҳақда Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ўрмон хўжалиги бошқармаси ва Поп туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда 100 нафар ёшга 30 сотихдан ер ажратилган.

Фото: Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

Таъкидланишича, уларга ерга эгалик қилиш бўйича вилоят ҳокимининг сертификатлари ҳам топширилган. Ушбу ерлар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва вақтинча ишсиз ёшларга 49 йилга бепул берилган.

Аввалроқ Наманганда яна 10 нафар ёшга имтиёзли кредитлар берилгани ҳамда Булунғурдаги 281 нафар ишсиз ёшга 132 гектар экин майдони ажратилгани ҳақида хабар берилганди.