Ўзбекистон туманида ўтказилган қабулда 400 га яқин мурожаатдан 197 таси ҳал қилинди (фото)
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ўтказилган қабулда 400 га яқин мурожаатдан 197 таси жойида ҳал қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 октябрь куни Ўзбекистон туманидаги «Баркамол авлод» болалар маркази ҳовлисида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни жойида бартараф этиш мақсадида масъуллар томонидан сайёр қабул бўлиб ўтган. Қабулда Ўзбекистон туманидан билан бир қаторда Фурқат ва Бувайда туманлари фуқаролари ҳам иштирок этиб, ўз мурожаатларини билдирган.
Қабулда Президент Администрациясининг масъул ходимлари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ҳамда бир қатор марказий муассасалар, шунингдек, вилоят ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари иштирок этган.
Қайд этилишича, унда 400 нафарга яқин фуқаронинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, коммунал соҳа, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш, уй-жой, йўлларни таъмирлаш, турар жойни кадастрдан ўтказиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, оилавий муаммолар, судга оид, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва бошқа масалаларга оид бўлган мурожаатлари масъул раҳбарлар томонидан тингланган.
Мурожаатлар соҳа мутасаддилари иштирокида муҳокама қилиниб, 197 таси жойида ҳал қилинган, 46 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Ечими маълум вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли мутасаддиларга зарурий кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинган.
Аввалроқ Фарғонада ўтказилган АКТ вазири ўринбосари қабулида 23 та мурожаат ҳал қилинганди. Шунингдек, Фарғонада Давлат хизматлари марказларига сўнгги 9 ойда салкам 660 мингта мурожаат келиб тушгани хабар қилинганди.