Улуғнорда ўрнатилган қуёш электр станцияси 2 минг кишини ичимлик суви билан таъминлайди

Энергетика вазирлиги лойиҳаси асосида Андижон вилоятининг Улуғнор туманидаги «Жаннатобод» МФЙ ҳудудида «Solar power» МЧЖ томонидан кичик қуёш электр станцияси ўрнатилган артезиан сув қудуғидан фойдаланилмоқда. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, ичимлик суви қудуғига қуввати 5 киловатт бўлган кичик қуёш электр станциясини ўрнатиш орқали 2 минг нафар аҳоли сув билан таъминланади. Умумий қиймати 52 миллион сўмлик мазкур лойиҳа йилига 44 минг киловатт соат электр энергиясини иқтисод қилиш эвазига уч йилга бормай, ўзини қоплайди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, мазкур қуёш электр станцияси ташқи электр таъминотисиз аҳоли хонадонларига ичимлик суви етказиб беради. Бунда ташқи электр таъминотида узилишлар юзага келганда ҳам аҳоли хонадонларига ичимлик сувини узлуксиз равишда етказиб бериш имконияти таъминланади.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Бунга қўшича, сув қудуғидаги двигателнинг (сув насоси) барқарор ишлаш даври узаяди. Яъни энерготизимда юклама ортиб, кучланиш ошиб ёки пасайиб кетиши натижасида двигателнинг реле ҳимояси ёки обмоткаларига зиён етказмайди.

Шунингдек, «Сувоқова» ДУК ҳамда электр таъминоти корхоналари ўртасида тузилган шартномага асосан қарздорлик юзага келмаслиги таъминланади. Бунинг натижасида эса ундирилган маблағлар ҳисобига сув қудуқлари, сув тақсимлаш иншоотлари ва бошқаларни «Сувоқова» ДУК томонидан эксплуатация қилиш имконияти кенгаяди.

Аввалроқ Андижонда сўнгги уч йилда аҳолига ичимлик суви етказиб бериш учун 372 миллиард сўм сарфлангани, Бағдодда салкам 500 та уйни сув билан таъминлашга 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар