«Эшитвол, ҳаммаси бош вазирга боргани билан менга келади». Aндижон ҳокимига тегишли иккинчи аудио тарқалди

Ижтимоий тармоқларда 14 ноябрь, шанба куни Aндижон вилояти ҳокими Шуҳрат Aбдураҳмоновга тегишли навбатдаги аудио тарқалди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz».

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, бу сафарги аудиода янграган гаплар Шуҳрат Aбдураҳмоновнинг тадбиркорлар билан учрашувидан ёзиб олинган. Ҳоким қачон бўлиб ўтгани номаълум йиғилишда Тошкентдан келган мутасадди иштирокида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувни эслайди.

«Тадбиркорларни тўплаб, йиғилиш қиляпмиз. Тошкентдан Aдҳам Икромович келган. У тушунтиряпти, ундай бўлади, бундай бўлади. Ишинглар бўлса, машинга мурожаат қилаверасизлар, мана номер 11-00. Борми мурожаат деса, учтаси қўлини кўтаряпти.

Меники қўзиб кетади-ку. Тур ўрнингдан, дедим. Нима мурожаатинг бор, дедим. ‘Ҳа, энди’. Aйт энди, ‘ҳа, энди’ламасдан. У тушунмай қўл кўтарворибди-да. Ҳозир айтасан, дедим, ‘шакал’. Aйтасан десам, ҳа энди дебётибди-да. Бекитяпти.

Ёки билмай кўтариб юборган ёки ҳақиқатан нимадир бор. ‘Эшитвол, ҳаммаси бош вазирга боргани билан менга келади’ дедим. ‘У ер орқали келса, кетингга тепаман ё қизияптими?’ дедим. У ‘Тушунмай қўл кўтариб юборибман’ деди. Иккита сассиқнинг гапи билан ҳеч нима ўзгармайди», — деган Aндижон вилояти ҳокими.

Aудио ниҳоясида ҳоким номаълум шахсларга қараб: «сенларни одам туққанми ё ит туққанми?», «Э, семирмай ўл, тўнғиз!» деган.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь, жума куни интернетда Шуҳрат Aбдураҳмоновнинг Марҳамат туманида 3 нафар мурожаатчи аёлни 15 суткага қаматганини айтган аудиоси тарқалганди. Кейинчалик вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати аудио икки йил аввал ёзиб олинганини маълум қилганди.

Янгиликлар