ХТВ Тошкентдаги мактабдан жасади топилган йигит ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Халқ таълим вазирлиги Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги мактабнинг орқа томонидан осилган ҳолда топилган 25 ёшли йигитнинг жасади ҳақидаги хабар юзасида расмий маълумот берди.

Фото: «uzedu.uz»

«Ҳозирги замон жамиятида оммавий ахборот воситалари инсонларнинг эътиқодлари ва хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсатишда муҳим роль ўйнайди, шунингдек, уларнинг ўзаро муносабатларига таъсир кўрсатади. ОАВда суицидлар ҳақидаги хабарлар суицидал хавфи бор ёш ёки ижтимоий жиҳатдан ўхшаш гуруҳларда тақлидий ўз жонига қасд қилишларни чақириши мумкин. Бу ҳолат ‘Юқиш эффектиʼ ёки ‘Вертер синдромиʼ деб аталади.

ОАВ мутахассислари учун мўлжалланган ʼЎз жонига қасд қилиш превенциясиʼ номли қўлланмада ‘Заиф инсонни ўз жонига қасд қилишига туртки бўлувчи жуда кўп омиллар қаторида суицид ҳолатларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши бўлиши мумкинʼ.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўз жонига қасд қилиш, айниқса, вояга етмаганлар орасида ўзига ва ўзгаларга зарар етказиш ҳодисалари тўғрисидаги хабарларни ОАВда баён қилиш, шу каби саҳналарни намойиш этиш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва унга риоя қилинишини қатъий назорат қилиш керак. 16 ноябрь куни эрталабдан 25 ёшли йигитнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолати ёритилган хабар айнан мактабга боғлаб берилгани, аслида эса ҳодисанинг мактабга мутлақо алоқадор эмаслиги ҳам мана шунинг яққол мисоли бўлди», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги мактабнинг орқа томонидан 25 ёшли йигит осилган ҳолда топилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар