Пастдарғомда хотинини бўғиб ўлдириб, жасад бўйнига сиртмоқ осган эркак қўлга олинди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида оилавий келишмовчилик сабаб жанжаллашиб, турмуш ўртоғини бўғиб ўлдирган эркак ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, воқеа 21 октябрь куни соат 1:00 ларда тумандаги «Зангибўйи» маҳалласида содир бўлган. Мазкур маҳаллада яшовчи 1991 йилда туғилган Б.Э. турмуш ўртоғи — 1994 йилда туғилган Н.Ю. билан ўзаро оилавий келишмовчилик сабаб жанжаллашиб, уни қўллари билан бўғиб, қасддан ўлдирган.

Шундан сўнг Б.Э. содир этган жиноятини яшириш мақсадида Н.Ю. гўёки ўзини осиб, жонига қасд қилганлиги ҳақида таассурот уйғотиш учун яшаш уйидаги қурилиши тугалланмаган хонага мурдани олиб кирган. Шунингдек, арқондан ясалган сиртмоқни мурданинг бўйин қисмига боғлаб, туман ИИБга турмуш ўртоғи жонига қасд қилгани ҳақида хабар берган.

Маълум қилинишича, туман прокуратураси томонидан Б.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, у ушланган.

Аввалроқ Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилгани, Бухорода фуқаро танишини ошхона пичоғи билан ўлдиргани ва Aсакада оилавий келишмовчилик сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирган эр қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Избосканда отасини ҳақорат қилган шахсни пичоқлаган фуқаро қўлга олингани ҳамда Aндижонда аёлини рашк қилган эр нотаниш кишини ўткир тиғли жисм билан жароҳатлагани маълум қилинди.