Британиялик олимлар Ибн Синонинг ташқи кўринишини тиклади

Буюк Британиянинг Данди университети Анатомия ва одамни идентификациялаш маркази олимлари бухоролик қомусий олим Абу Али ибн Синонинг ташқи кўринишини тиклади. Бу ҳақда «PubMed» хабар берди.

Фото: Twitter/ATomasi__

Қайд этилишича, Ибн Сино (Авиценна) қиёфаси Ҳамадондаги қабри кўчирилиши пайтида олинган бош суяги фотосуратидан тикланган. Бу Ибн Синонинг юзини тиклашга қаратилган биринчи илмий уриниш экани тахмин қилинмоқда.

Олимнинг юз қиёфаси тикланишида иштирок этган мутахассис Алессандро Томаси ўзининг Twitter’даги саҳифасига ушбу суратни жойлаб, шундай изоҳ қолдирган:

«Илк замонавий тиббиётнинг отаси сифатида танилган форс файласуфи Ибн Сино (Авиценна) юз қиёфасининг тикланиши».

Маълумот ўрнида, Абу Али ибн Сино 980 йилнинг 18 июнида Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган ва 1037 йилнинг 16 августида Ҳамадонда вафот этган. Ғарбда Авиценна номи билан машҳур. Замондошлари Ибн Синони «Шайх ар-Раис» (донишандлар сардори, алломалар раиси), «Шараф ал-мулк» (ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи), «Ҳужжат ал-ҳаққ» (ростликка далил), «Ҳаким ал-вазир» (донишманд, тадбиркор вазир) деб атаган.

Аввалроқ «Ўзархив» Амир Темур қабри очилишидаги фотосуратларни эълон қилганди. Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида 1941 йил Гўри Амир мақбарасидаги Амир Темур қабрини очиш бўйича экспедиция ўтказилган. Қабр очилишида экспедиция раиси Қори-Ниёзий Тошмуҳаммад Ниёзович ва антрополог Михаил Михайлович Герасимовлар бошчилик қилган.

Янгиликлар