«Uzbekistan Airways» август охирига қадар халқаро қатновларни ва маҳаллий парвозларнинг бир қисмини бекор қилди

«Uzbekistan Airways» АЖ 16 августдан 31 августгача халқаро қатновларнинг ва маҳаллий йўналишлар бўйича мунтазам парвозларнинг бир қисми мажбурий бекор қилинишини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, парвозлар амалга ошириладиган мамлакатлар ва Ўзбекистоннинг маъмурий марказларидаги эпидемиологик чекловларни ҳисобга олган ҳолда халқаро ва маҳаллий қатновлар жадвалига ўзгартиришлар киритилган.

Авиакомпания бекор қилинган рейсларга авиачипталарни сотиб олган йўловчиларга тўлов шаклига мувофиқ пул маблағларини ваучер шаклида олиш ёки 2020 йил 1 сентябридан бошлаб режалаштирилган АЖ қатновларига бир марталик қайта бронлаш имконияти тақдим этилишини маълум қилган. Бекор қилинган қатновларга авиачипталар санасини бошқа санага қайта бронлашда йўловчилардан қўшимча тўловлар олинмаслиги айтилмоқда.

«Авиакомпания Call-марказига кўплаб қўнғироқлар келиб тушаётганлиги сабабли хизматни кутиш вақти сезиларли даражада ошди. Шу муносабат билан, йўловчилардан қатновлар бекор қилиниши билан боғлиқ қўнғироқлар билан Сall-марказга мурожаат қилмасликларини илтимос қиламиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 15 августдан маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари босқичма-босқич тикланиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар