Ўзбекистонда 15 августдан маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари босқичма-босқич тикланади

Транспорт вазирлиги Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ 2020 йил 15 августдан бошлаб маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатновлари бошланиши маълум қилди.

Хабарда айтилишича, маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатновини ташкил этишда доимий равишда ҳар бир авиақатнов ва темир йўл қатновидан олдин тегишли ҳаво кемаси ва темир йўл вагонлари (шу жумладан, ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказиш ҳамда ҳавосини зарарсизлантириш тизимини жорий этиш чоралари кўрилади.

Маҳаллий йўналишларда босқичма-босқич поездлар ҳаракати қуйидагича қайта тикланади:

Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» поездлари Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Тошкент йўналишида 2 та,
Тошкент – Самарқанд – Қарши – Тошкент йўналишида битта, шунингдек, Тошкент – Андижон – Тошкент йўналишида 2 та йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади.

Таъкидланишича, йўловчилар чипталарни темир йўл кассаларидан, шунингдек, онлайн тарзда ҳам харид қилишлари мумкин.

Фото: Ҳудудлардаги вокзал маълумотхоналарининг телефон рақамлари

Шунингдек, маҳаллий йўналишларда авиа қатновларни тиклаш жараёни ҳам босқичма-босқич амалга оширилади. Хусусан, «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси томонидан 15 август санасидан эътиборан Тошкент – Нукус – Тошкент, Тошкент – Урганч – Тошкент йўналишида ҳафтасига уч маротабадан, Тошкент – Термиз – Тошкент йўналишида эса ҳафтасига икки маротабадан парвозларни амалга ошириш бошланади.

Йўловчилардан поездлар ва самолётлар бортига чиқишда, вокзал ва аэропортлар ҳудудида ҳамда йўл давомида санитария гигиена қоидаларига доимий равишда қатъий риоя қилишлари талаб қилинади.

Маълумот ўрнида, фуқароларнинг жамоат жойларида ижтимоий масофани (2 метр) сақлаши, тиббий ниқобда бўлиши каби карантин чекловлари 2020 йил 15 августдан кейин ҳам сақланиб қолинади. Тана ҳарорати 37 С ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган фуқароларнинг жамоат жойларига чиқишига йўл қўйилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 15 августдан Ўзбекистонда карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилишини айтиб ўтганди. Аввалроқ Ўзбекистонда 15 августдан нодавлат мактаблар ва боғчалар фаолиятига рухсат берилиши, масжидлар 17 августдан бошлаб ҳар куни ишлаши ҳамда Ўзбекистонда 15 августдан кейин карантин чекловларидан қайсилари сақланиб қолиниши маълум қилинганди.

Янгиликлар