Ўзбекистонда масжидлар 17 августдан бошлаб ҳар куни ишлайди

Ўзбекистондаги барча жоме масжидлари 17 август куни бомдод намозидан бошлаб ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Muslim.uz»

Маълум қилинишича, масжидлар ҳар куни ўз иш фаолиятини олиб боради, фақат жума намози эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар вақтинча адо этилмайди.

Таъкидланишича, айрим сайт ва ижтимоий тармоқларда масжидлар ҳафтада тўрт кун ишлаб, жума, шанба ва якшанба кунлари фаолият кўрсатмаслиги ҳақидаги хабарлар англашилмовчилик оқибатидир.

Шунингдек, идора матбуот хизмати барча намозхонларга масжидларда жорий этилган санитария-эпидемиологик қоидаларни эслатиб ўтган:

  • масжидларнинг кириш жойини дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари, пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич) билан таъминлаш;
  • ҳар бир фуқаро масжид ичида тиббий ниқобда бўлиши, ҳудудга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;
  • масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш (ҳарорат ўлчаш ва ташқи аломатлар), тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;
  • ибодат вақтида ижтимоий масофаланишни сақлаш, фуқаролар орасидаги масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);
  • ҳар бир масжиднинг кириш қисмига касалликдан сақланиш, ҳудудда карантин талабларига қатъий амал қилиш, хусусан, 65 ёшдан катта фуқароларни масжидларга вақтинча ташриф буюрмай туришлари тавсия этилиши тўғрисидаги ахборот лавҳаларини ўрнатиш;
  • масжид маъмурияти томонида иш фаолиятни карантин даврида ташкил этиш бўйича тегишли буйруқ ва ички тартибларни ишлаб чиқиш (бунда ёши 65 ёшдан катта фуқароларни вақтинча ташриф буюрмай туришларини тавсия этиш);
  • масжидларда жума намозини вақтинча адо этмаслик;
  • ҳудудий Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан масжидларнинг барча ходимлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш;
  • ушбу хизмат томонидан белгиланган муддатда (ҳар 3 кунда ёки ҳафтада бир маротаба) масжидлардаги санитария-эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва тавсиялар бериш;
  • масжидлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;
  • масжидга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик;
  • таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда фойдаланиш.

Aввалроқ Ўзбекистонда диний ташкилотлар фаолиятига 17 августдан рухсат берилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги карантиндан кейин масжидларда намозларни жамоа билан ўқиш учун ҳеч қандай чеклов бўлмаслигини маълум қилган.

Янгиликлар