Иштихонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 140 млн сўмлик қурилиш материаллари ва дори-дармон берилди
Самарқанд вилояти Иштихон туманида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 140 миллион сўмлик қурилиш материаллари ва дори-дармон берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш орқали ҳаётини йўлга қўйиб олиши учун 140 миллион сўмлик қурилиш материаллари ва дори воситалари етказиб берилди. Жумладан, 136 миллион 228 минг сўмлик қурилиш материаллари, 13 миллион 240 минг сўмлик дори-дармон воситалари тарқатилди.
«Уйимизни қўни-қўшни ва қариндош-уруғларнинг ёрдами билан қуриб олдик, аммо шифер олишга пулимиз йўқ эди. Республика касаба уюшмалари федерацияси томонидан маблағ ажратилган экан бизга ҳам 40 та шифер олиб беришди», — дейди «Барлос» маҳалласида яшовчи М.Усмонова.
Aввалроқ Хўжаободда 25 нафар мактаб битирувчисига тикув машиналари топширилгани ҳамда Нурободда 25 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизга тикув машиналари берилгани ҳақида хабар қилинганди.
Шунингдек, Пастдарғомда 25 нафар хотин-қизга тикув машинаси ва сертификат топширилган.