Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 17 октябрнинг асосий хабарлари
«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 40 миллионга яқинлашди.
«Worldometers»нинг 17 октябрь, шанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:
- дунё бўйича инфекция билан касалланганлар 39 805 682 киши;
- касалликдан тузалганлар 29 792 513 киши;
- инфекция оқибатида вафот этганлар 1 112 200 кишини ташкил этади.
Шунингдек, сўнгги сутка давомида дунё бўйлаб 239 445 та касалланиш ҳамда 3579 та ўлим ҳолати қайд этилган. Бундан ташқари, 17 октябрь куни ССВ ўринбосарининг Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини танқид қилган аудиоси тарқалгани ҳақида хабар қилинган эди.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистонда 17 октябрь соат 23:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 62 995 тани ташкил этмоқда.
Мамлакатда 17 октябрь куни 313 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Кунлик касалланиш ҳолатларининг 138 таси Тошкент шаҳрида, 74 таси Тошкент вилоятида, 16 таси Наманган вилоятида, 14 таси Сирдарё вилоятида, 13 таси Қашқадарё вилоятида, 11 таси Андижон вилоятида, 11 таси Жиззах вилоятида, 10 таси Сурхондарё вилоятида, 8 таси Хоразм вилоятида, 6 таси Самарқанд вилоятида, 6 таси Қорақалпоғистонда ҳамда 4 таси Фарғона вилоятида қайд этилган.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 524 нафарга етган. 17 октябрь куни 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.
Кун давомида Тошкент шаҳрида 123 нафар, Тошкент вилоятида 85 нафар, Наманган вилоятида 19 нафар, Қашқадарё вилоятида 15 нафар, Сирдарё вилоятида 15 нафар, Жиззах вилоятида 13 нафар, Хоразм вилоятида 12 нафар, Сурхондарё вилоятида 10 нафар, Андижон вилоятида 10 нафар, Фарғона вилоятида 9 нафар, Самарқанд вилоятида 7 нафар, Қорақалпоғистонда 6 нафар, жами 324 нафар бемор соғайган.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 62 995 нафар бемордан 60 080 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2391 нафар бемордан 313 нафари оғир, 95 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 16 октябрь куни 313 кишида коронавирус аниқлангани ва 2 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳондаги вазият
АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 8 313 754 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (7,4 миллион киши), Бразилия (5,2 миллион киши), Россия (1,3 миллион киши), Испания (982 минг киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 39,8 миллиондан ортиқ киши касалланган.
Қозоғистонда 17 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 109 302 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 104 921 нафари тўлиқ соғайган, 1768 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 100 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.
Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 35 717 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 28 165 нафари тузалган, 380 нафари вафот этган.
Қирғизистонда 17 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 51 490 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 45 509 нафари соғайиб, 1108 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 4873 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида ушбу касалликка чалинган 218 бемор соғайган.
Тожикистонда 17 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 10 455 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 9457 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 80 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 41 тага кўпайган.
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Россияда 17 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра коронавирус билан касалланганлар сони 1 384 235 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 065 199 нафари соғайган, 24 002 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 14 922 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 279 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 39,4 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.