Самарқандда «Ипак йўли» халқаро туризм университетининг янги биноси фойдаланишга топширилди (фото)
Самарқанд шаҳрида 16 октябрь, жума куни «Ипак йўли» халқаро туризм университети «ақлли кампуси»нинг расмий очилиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Маросимда бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов иштирок этиб, нутқ сўзлаган ҳамда университиет биносини очиб берган.
«Тасодифни қарангки, бундан роппа-росса 600 йил аввал — 1420 йилда айнан шу азим шаҳар марказида шоҳ ва олим Мирзо Улуғбек ўзининг мадрасасини барпо этиб, Регистон комплекси қурилишини бошлаб берган эди. Президентимизнинг 2018 йил 28 июндаги ‘Ипак йўли’ туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида’ги 3815-сонли қарори билан UNESCO тарафидан қўриқланадиган тарихий ҳудуддаги ушбу бино ва туташ ҳудуд билан биргаликда университетга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида берилган эди.
Ўтган давр оралиғида бизга ажратилган бино тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди ҳамда ‘смарт кампус’ тамойилига мослаштирилди. Биз бу кунни узоқ кутдик ва юзага келган иқтисодий қийинчиликларга қарамай, бинони янги ўқув йилига топширишга эришдик», — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, университет ректори Азиз Абдуҳакимов.
Университет уч асосий йўналиш — коммуникация, иқтисодий ва гуманитар фанларни бирлаштирган ҳолда туризм соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича йўналишларда таълим олиш имкониятини беради. Бакалавриатнинг кундузги таълим дастури 20 дан ортиқ йўналишни ўз ичига олади: Туризм соҳасида маркетинг, Туризм (фаолият йўналишлари бўйича: рақамли туризм), Туризм соҳасида лойиҳалаштириш, Туризм соҳасида логистика, Оммавий тадбирларни менежменти, Гид-экскурсовод ва таржима фаолияти ва бошқалар.
Мавзуга доир:
Таъкидланишича, олийгоҳ фаолиятига хорижлик профессор-ўқитувчилар ҳам жалб этиб келинмоқда. Уларни саралаб олишда жаҳоннинг нуфузли 1000 талик рўйхатига кирган олийгоҳлардаги тажрибаси асосий мезон сифатида қаралмоқда.
Хусусан, 2020 йил август ойида университетнинг профессор-ўқитувчилари таркибини бойитиш учун танлов бўлиб ўтган. АҚШнинг Гарвард, Вебстер, Орегон, Австралиянинг Чарльз Стюарт, Квинсленд технология университетлари, Япониянинг Токио, Ҳиндистоннинг Пуна, Жанубий Кореянинг Вусунг, Седжон, Халим университетлари, Шаньси ва Хитой давлат университетлари, Германиянинг Фленсбург университетидан Ўзбекистонлик мутахассислар ишга таклиф этилган.
«Алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим: Президентимиз ташаббусида Самарқандда халқаро нуфуздаги туризм университетини ташкил қилиш чет элда фаолият юритаётган ҳамюртларимизни ватанга қайтариш ва юқори малакали хориж экспертларини шу ерда жамлаш имконини яратди. Бу ижобий ҳолатни ‘brain gain’ жараёни дейиш мумкин», — дея таъкидлайди Азиз Абдуҳакимов.
Очилиш маросимидан сўнг янги бино бўйлаб оммавий ахборот востилари ва блогерлар учун инфо-тур ташкил этилган.
Маълумот ўрнида, университет давлат раҳбарининг 2018 йил 28 июндаги қарори билан ташкил этилган ва Марказий Осиёда туризм соҳасидаги биринчи университет ҳисобланади.
Аввалроқ «Ипак йўли» туризм халқаро университети раҳбар ва ходимлари аттестациядан ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, университет проректорининг дипломи сохталиги бўйича хабарлар рад этилган.