«Ипак йўли» туризм халқаро университети раҳбар ва ходимлари аттестациядан ўтказилди

Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 2 декабрда тасдиқланган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомга мувофиқ «Ипак йўли» туризм халқаро университети раҳбар ва ходимлари 17—18 август куни аттестациядан ўтказилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, аттестация давомида комиссия аъзолари томонидан илмий тадқиқотлар билан ишлаш, сиртқи (махсус сиртқи), халқаро таълим дастурлари, инновацион патентлаштириш бўлимлари, «Умумкасбий ва ихтисослик фанлари» кафедраси ва университетнинг ахборот-ресурс маркази фаолияти қониқарсиз деб топилган. Университет раҳбариятига ушбу бўлинмалар фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва уларни малакали кадрлар билан тўлдириш бўйича тавсиялар берилган.

Шунингдек, аттестация жараёнида ўзини кўрсатиб, лавозимига лойиқ деб топилган ходимлар юқорироқ лавозимларга захирага олинган. Ҳамда университет раҳбариятига Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда ходимларни рағбатлантиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилган.

Маълумот учун, университетнинг собиқ биринчи проректор вазифаси бажарувчи Баҳодир Тўраев ўз фаолиятида йўл қўйган камчиликлари, кадрларни ишга олишдаги малакасизлиги, университетни бошқаришдаги сусткашлиги ҳамда ҳукумат ва юқори турувчи ташкилотларнинг топшириқларини бузганлиги сабабли лавозимидан озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлари органлари ходимларининг 114 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Кейинчалик Бектемир ва Яшнобод тумани ҳокимлари лавозимларидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар