Бектемир ва Яшнобод тумани ҳокимлари лавозимларидан озод этилди
Тошкентнинг Бектемир тумани сектор раҳбарлари, жумладан, ҳоким Шоҳрух Мамажонов лавозимидан озод қилинди. Президент туманга ташрифи вақтида уларнинг фаолиятини қониқарсиз деб баҳолади. Бундан ташқари, Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов ҳам лавозимини тарк этди, деб хабар берди «Газета.uz»
Маълум қилинишича, Бектемир тумани ҳокими Шоҳрух Бахтиёров Мамажонов лавозимидан озод қилинган. Сектор раҳбарлари — прокурор, ички ишлар бўлими бошлиғи ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳам лавозимларини тарк этган.
Шавкат Мирзиёев билан 21 августдаги учрашувда туманда ишсизлик даражаси 3,3 фоиз, шу жумладан, аёллар орасида 1,7 фоиз, ёшлар ўртасида 1,5 фоиз экани қайд этилган. Мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги, қатор маҳаллаларда ички йўллар ҳолатининг ёмонлиги, коммунал тизимларда ҳам камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилган.
Маълумотларга кўра, Шоҳрух Мамажонов Бектемир туманига 2018 йил июлдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди. Бундан ташқари, 2018 йил июлдан буён Яшнобод тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Хожиакбар Камолиддинович Тиллашайхов ҳам вазифасидан четлаштирилган.
«Яқин вақтларда Тошкентнинг Сергели, Яшнобод ва Бектемир туманларига янги ҳокимлар тайинланиши кутилмоқда. Ушбу туманлар раҳбарлигига номзодлар орасида Тошкент ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Элбек Шукуров ҳам бор», дейилади хабарда.