«Ипак йўли» халқаро туризм университети ходимларни қабул қилиш бўйича танлов эълон қилди
Самарқанд вилоятида жойлашган «Ипак йўли» халқаро туризм университети ходимларни қабул қилиш бўйича танлов эълон қилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Эълонга кўра, университет ҳозирда қуйидаги лавозимни эгаллаш учун тажрибали илмий ходимларни изламоқда:
- ўқув ишлари бўйича проректор. У университетнинг ўқув дастурларини режалаштириш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича асосий жавобгар ҳисобланади. Ушбу вазифаларни бажаришда проректор деканлар, кафедра мудирлари, бошқа маъмурлар ва факультет аъзолари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши керак. Ўқув дастури ва ўқитиш билан боғлиқ бошқарув функциялари деканларга тегишли бўлса, проректор таълим дастурларини узоқ муддатли режалаштириш, ўқитиш сифатини таъминлаш, стратегик режани, таълимнинг бош режасини ва мақсадларини ва университетнинг вазифаларини белгилашда етакчи бўлиб хизмат қилади;
- илмий ишлар, инновациялар ва тижоратлаштириш бўйича проректор. У илмий ишлар бўйича проректор тадқиқотчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали тадқиқот, инновация ва иқтисодий ривожланиш соҳаларида муҳим раҳбарликни таъминлайди, кўп тармоқли лойиҳаларга кўмаклашиш, янги молиялаштириш манбаларини излаш, тадқиқотларни ахлоқий, маълумотли ва хавфсиз ўтказилишини таъминлайди.
Хабарда айтилишича, проректор қуйидаги бўлимларни назорат қилади:
- грантлар ва стипендиялар идораси;
- тадқиқот хизматлари идораси;
- аспирантура бўлими;
- докторликдан кейинги ишлар;
- тадқиқотнинг яхлитлиги;
- тадқиқот ресурслари маркази.
Шунингдек, университет қабул қилинувчи ходимлардан инглиз тилини мукаммал билиш, юқори маъмурий даражадаги беш йиллик раҳбарлик ва олий таълимдаги тажриба, кучли, динамик академик ва маъмурий раҳбарликни таъминлаш, номли стипендиялар олиш, таълим сифатини ва ўзлаштириш даражасини оширишга ёрдамлашувчи коллегиал бошқарувни йўлга қўйиш каби малакаларни талаб қилади.
Бундан ташқари, академик сифат ва стандартларга амал қилиш, профессор-ўқитувчилар ва ишчи ходимларни қўллаб-қувватлаш, турли маданиятларга оид, ҳар хил тилларда сўзлашувчи ва ҳар хил қобилиятга эга инсонлар билан ҳурмат ва назокат билан муносабатда бўлиш маҳорати ҳамда академик жамоанинг турли хилдаги аъзолари билан ишлаш қобилиятини намойиш этиш каби маҳоратларга эга бўлиш сўралган.
Аризалар инглиз тилидаги батафсил таржимаи ҳол, шунингдек, КПИ ва мақсад тўғрисидаги декларация (ўзингизнинг қарашингиз) Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг кадрлар бўлимига юборилиши керак бўлади, дейилади хабарда.
Аввалроқ «Ипак йўли» туризм халқаро университети раҳбар ва ходимлари аттестациядан ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.