ССВ коронавирус беморларининг Президентга тақдим этилган ва вазирлик статистикасидаги фарқ юзасидан изоҳ берди

Ўзбекистонда айни пайтда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун ажратилган жойларнинг 38 фоизида беморлар даволанмоқда. Бу ҳақда 17 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда 89 та муассасада 17 500 та ўрин коронавирус беморлари учун ажратилган бўлиб, ҳозирда ушбу ўринларда 6570 нафар бемор даволанмоқда.

Бу маълумот тарқалгандан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида коронавирус статистикасига оид рақамлар бўйича баҳс-мунозаралар бошланди. Яъни Президент матбуот хизмати хабарида айтилган беморлар сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасидан уч бараварга кўп, дея хабар берилган.

Фото: «Tez News»

Вазирлик матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, чиндан ҳам рақамлардаги бу тафовут кўпчиликда шубҳа туғилишига сабаб бўлганини таъкидлаган.

«Интернет тармоғида бугунги кунда коронавирусга ихтисослашган шифохоналарида 6570 нафар бемор даволанаётгани, Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий статистикасида эса бу кўрсаткич 2123 нафар экани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу маълумот юзасидан вазирлик шуни маълум қиладики, кўрсатилган 6570 нафар бемор орасида ўткир респиратор касалликлари, коронавирусга гумон қилинган ва оғир турдаги пневмония, шунингдек, вирус тасдиқланмаган беморлар ҳам бор.

Коронавирус билан боғлиқ статистикага фақат махсус лаборатор тиббий текширувлар орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилади.

Касалликнинг айрим симптомлари мавжуд бўлиб, касаллик гумон қилинган, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлар, табиийки, коронавирус билан боғлиқ умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди. Aммо юқумли касалликларга ихтисослашган ва юртимизнинг қатор ҳудудларида ташкил этилган Саралаш ва тақсимлаш марказларида бундай беморлар ҳам стационар шароитда даволанишлари учун зарур шароитлар муҳайё қилинган. Ҳозирда улар шундай масканларда даволанишмоқда.

Касаллик тасдиқланса, улар дарҳол расмий статистикада қайд этилади ва юқумли касалликлар шифохоналарига йўналтирилади. Шунинг учун коронавирус тасдиқланмаган, лекин бошқа касалликлардан даволанаётган беморлар ҳам жуда кўп. Шуларнинг ҳисобига шифохоналардаги беморлар сони коронавирусдан даволанаётган беморларнинг вазирлик эълон қилаётган расмий миқдоридан фарқли эканини кўриш мумкин».

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ қарорлар ижросидан хавотирда эканини айтгани ҳақида хабар берилганди. Шу муносабат билан мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилган.

Янгиликлар