79 ёшли модельер 60 га яқин қиз-аёлни зўрлашда айбланиб, қамоққа олинди

Канадалик модельер ва Шимолий Америкадаги машҳур «Nygard» дизайнерлик компанияси асосчиси Питер Нягард 57 нафар аёлни зўрлаш, одам савдоси ва товламачиликда айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда 15 декабрь, сешанба куни «CBC» канали хабар берди.

Фото: «Global Look Press»

Маълум қилинишича, зўрлаш, одам савдоси ва товламачиликда айбланган канадалик модельер ва миллиардер — 79 ёшли Питер Нягард АҚШ талабларига биноан Канада полицияси томонидан ҳибсга олинган.

Нягард 14 декабрь, душанба куни Манитоба штатидаги Виннипег шаҳрида ҳибсга олинган. Унинг адвокатлари суддан гаров пули белгилашни сўрамоқчи, шунда уларнинг мижози кейинги суд мажлисига қадар тергов изоляторидан чиқиб кетиши мумкин.

«Нью-Йоркнинг жанубий округида аввалроқ 57 нафар аёлни зўрлаш билан боғлиқ ҳолат юзасидан судга мурожаат қилинган. Буларнинг айримлари 1977 йилда содир бўлган. Тахмин қилинган жиноятлар пайтида икки жабрланувчи 14 ёшда бўлган. ФБИ шу йилнинг февраль ойида тинтув ўтказган», — дейди журналистлар.

Айрим маълумотларга кўра, 1995 йилдан бери у кам таъминланган оилаларнинг қизларини моделлик учун танлаб олиб, кейинроқ у билан ёки бошқа эркаклар билан жинсий алоқада бўлишга мажбур қилган. Рад этганларни эса турли йўллар билан қўрқитиб келган.

Бундан ташқари, 79 ёшли Нигарднинг икки ўғли томонидан ҳам алоҳида даъво қўзғатилган. Улар отасининг таниши томонидан ўсмирлик даврида зўрланганлигини даъво қилмоқда.

Питер Нягард бу айбловларни рад этган. Унинг 13 январгача ҳибсда бўлиши айтилган.

Янгиликлар