Франция президенти Эммануэль Макрон коронавирусга чалинди
Франция президенти Эммануэль Макрон 17 декабрь, пайшанба куни коронавирус билан касалланди. Бу ҳақда Елисей саройи маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Бугун республика президентига COVID-19 ташхиси қўйилди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ташхис биринчи аломатлар бошланганда ўтказилган RTPCR тести асосида аниқланган. «Барчага тегишли амалдаги санитария қоидаларига мувофиқ республика президенти 7 кун давомида изоляция қилинади. У ўз ишини давом эттиради ва ўз фаолиятини масофадан туриб амалга оширади», дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Макроннинг турмуш ўртоғи — 67 ёшли Брижит Макрон ўзини ўзи изоляция қилган.
Маълумот учун, Францияда айни вақтда коронавирусга чалинганлар сони 2 миллион 409 062 кишига етган. Улардан 180 311 нафари касалликдан соғайган, 59 361 нафари вафот этган.