«Акангга телефон қилайми?» Самарқандда мудира боғча тарбияланувчисини калтаклади — видео
Ижтимоий тармоқларда 17 январь куни Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 13-мактабгача таълим муассасида мудира боғча тарбияланувчисини ураётгани акс этган видео тарқалди.
«Менга қарада, акангга телефон қилайми? Телефон қилайми акангга? Нега ўзингдан каттанинг айтганини қилмайсан? Тўғри тур! Сен бориб Барнога қил тарбиясизлигингни», — дея тарбияланувчига бақирган мудира.
Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, Булунғурдаги МТМда содир бўлган ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.
«Ижтимоий тармоқларда Булунғур туманидаги 13-сонли мактабгача таълим муассасасининг мудираси тарбияланувчиларни урганлиги ва МТМда содир бўлаётган бошқа қонунбузилиш ҳақида хабар тарқалган.
Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 103-мактаб интернатда 3-синф қиз тарбиячиси томонидан калтакланган видео тарқалганди. Бош прокутатура ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан баёнот берган.
Унга кўра, видеоёзувда тасвирланган ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан ўрганиш ишлари бошланган. Прокуратура ахборот хизмати томонидан ҳолат бўйича батафсил маълумот бериши кўзда тутилган.
Кейинчалик Бу воқеа юзасидан «Zamon» информацион дастури мухбири қизнинг онаси билан интервью уюштирган.