Хоразмда фуқаро синглисини бегона машинада кўриб ҳайдовчига ташланди: ҳайдовчи вафот этди
Хоразм вилоятида фуқаро синглисини бегона машинада кўриб, ҳайдовчи билан жанжаллашди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Хабарга кўра, Хоразм вилояти Шовот туманида 15 февраль куни соат 03:30 ларда фуқаро Д.Д. синглиси «Damas» автомашинасидан тушиб қолганлигини кўриб, уларнинг ёнига борган. Ҳайдовчи Х.Қ. билан жанжаллашган ва ёғоч бўлаги билан бош қисмига уриб тан жароҳати етказган. Натижада Х.Қ. олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Д.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.