Наманганда инспекторга 500 минг сўм пора таклиф қилган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Наманган вилояти Наманган шаҳрида 2020 йил 1 май куни ҳайдовчи ЙПХ инспекторига автомашинасини жарима майдонидан олиб чиқиш учун 500 минг сўм пора бераётганида қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 1 май куни Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси йўл патруль хизмати отряди 2-сафарбарлик гуруҳи Йўл патруль хизмати инспектори вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган. Мурожаатда шу куни соат 09:35 атрофида Наманган шаҳар Бобуршоҳ кўчасида хизмат олиб бораётиб, «Nexia» автомашинасини тўхтатиб текширган вақтида ҳайдовчи автомашинасини капронли газ баллон билан бошқариб юрганлиги аниқланганини, шундан сўнг, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига олиб кириб қўйгани айтиб ўтган.

Бироқ ҳайдовчи автомашинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 500 000 сўм пулни пора тариқасида таклиф қилаётганлигини билдириб, фуқарога нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Хабарда айтилишича, инспекторнинг билдиргисида кўрсатилган важларни текшириш мақсадида шу куни Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Наманган вилояти бўйича бўлими ва жиноят қидирув бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор-тадбир белгиланган. Ўтказилган тадбир давомида Наманган шаҳар А.Темур кўчасида жойлашган «Автопарк» биносининг кириш қисмида ҳайдовчи инспекторга 500 000 сўм пулларни пора тариқасида берган вақтида ушланган.

Ҳолат бўйича Наманган шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 17 август куни Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Наманганда ЙПХ инспекторига 50 AҚШ доллари пора таклиф этган ҳайдовчи, Самарқандда сариқ рангли металлни тилла деб сотган шахс жиноятини яшириш учун 900 доллар пора бераётганида қўлга олингани ҳамда Бухорода амир Музаффархондан қолган муҳр ва камарбандни ноқонуний сотмоқчи бўлган собиқ ИИБ ва Миллий гвардия ходимига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар