Президент академик Муҳаббат Aбидова вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев академик Муҳаббат Aбидова вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.

Кимё-технология соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Муҳаббат Aбидова 17 август куни 89 ёшида вафот этди.

Муҳаббат Aбидова 1931 йил 10 октябрда Тошкент шаҳрида туғилди. 1954 йили Ўрта Осиё политехника институти (ҳозирги Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети)ни тугатиб, Ўзбекистон Фанлар академияси Кимё институти (ҳозирги Умумий ва ноорганик кимё институти) аспирантурасида таҳсил олди. 1958 йили номзодлик, 1975 йили докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олим 60 йилдан зиёд илмий-педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академияси Кимё институти кичик илмий ходими, катта илмий ходими, Полимерлар кимёси ва физикаси институти катта илмий ходими, Ўрта Осиё ёқилғидан фойдаланиш институти катта илмий ходими, Ўрта Осиё нефтни қайта ишлаш саноати илмий-тадқиқот институти сектор раҳбари, лаборатория мудири, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири каби лавозимларда самарали меҳнат қилиб, мамлакатимизда илм-фан соҳаларини ривожлантириш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.

Заҳматкаш олимнинг кимёвий жараёнлар соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган илмий мақолалари, патент ва муаллифлик гувоҳномалари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум. Унинг катализаторлар тизими ва кимёвий жараёнларга оид бир қатор илмий ишланмалари саноат тармоқларида самарали қўлланиб келинмоқда.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.

Aкадемик Муҳаббат Aбидованинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У ‘Меҳнат шуҳрати’ ордени билан мукофотланган эди.

Таниқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Муҳаббат Aбидованинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, A.Aрипов, Б.Йўлдошев

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдиргани хабар қилинганди.

Янгиликлар