Ўзбекистонда машинада баланд овозда қўшиқ эшитганларни жаримага тортиш таклиф қилинди

Ички ишлар вазирлиги аҳоли пункти ерларида машинанинг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларидан овозини баланд қилиб фойдаланганлик учун жарима жорий қилишни таклиф этмоқда. Бу ҳақда «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида маълум қилинди.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик билан бирга, товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш ҳам жаримага сабаб бўлиши кўрсатилган.

Таъкидланишича, ушбу ҳуқуқбузарликлар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилмоқда. Ҳозирда ушбу жарима миқдори бир бараварни ташкил қилади.

Аввалроқ Қонунчилик палатасида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси тақдим этилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар