Қарши шаҳар ҳокимлиги судда тадбиркор аёлга ютқазди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ҳокимлиги судда тадбиркор аёлга ютқазди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман девонинг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, «Фотима-Зуҳра» масъулияти чекланган жамияти (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) директори Ш.Комилова (фуқаронинг исми ва фамилияси ўзгартирилган) 2019 йилда Қарши шаҳар ҳокимлигига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида мурожаат қилган. Сўнгра шаҳар ҳокимининг 2019 йил 18-октабрдаги қарори билан тадбиркорга спорт комплекси қуриш учун ер ажратилган.

Аммо МЧЖ томонидан қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсатномалар олинган пайтда ажратиш тўғрисида қарор шаҳар ҳокими томонидан ер 2020 йил 3 апрелда бекор қилинган.

Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармоннинг 1-бандига кўра, давлат органи (мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар маъмурий ҳужжат тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилиши белгиланган.

Шунингдек, «Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида»ги Қонунининг 59-моддаси 5-қисмида манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилиши қайд этилган.

Тадбиркор аёл ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсманнинг Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи ходимларига мурожаат қилган.

Бизнес-омбудсман томонидан судга киритилган ариза асосида ҳокимнинг мазкур манфаатида қабул қилган қарори Муборак туман маъмурий суди томонидан ҳақиқий эмас деб топилган.

Аввалроқ Навоийда солиқ инспекцияси тадбиркордан 6 миллиард сўм пулни ноқонуний ундиришга ҳаракат қилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорода тадбиркордан 758 миллион сўмлик маҳсулот олиб, пулини тўламай келган бошқарма устидан суд қарори чиққани маълум қилинди.

Янгиликлар