Навоийда солиқ инспекцияси тадбиркордан 6 млрд сўм пулни ноқонуний ундиришга ҳаракат қилди

Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси «Zarafshon Golden Group» МЧЖдан 6 млрд сўм пул маблағларини ноқонуний ундиришга ҳаракат қилди. Бу ҳақида бизнес-омбудсман «Tez News»га хабар берди.

Маълумотларга кўра, МЧЖ 2019 йил январь—декабрь ойлари учун тақдим этган қўшимча солиқ ҳисоботларида Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси тавофут аниқлаган. Қўшимча солиқ ҳисобланиб, МЧЖ томонидан солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш лозимлиги сўралган.

Мазкур ҳолатда МЧЖ 2020 йил 12 май куни солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритиб, солиқ инспекциясига юборган. Бироқ мазкур аниқлаштирилган ҳисоботлар қабул қилинмаган. МЧЖ банк ҳисоб рақамига эса шу куннинг ўзида 4 211 473 028 сўм миқдоридаги қўшимча қиймат солиғи ундириш бўйича тўлов топшириқномаси қўйилган.

МЧЖ томонидан тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича тушинтириш бериш якунланмасдан, жамият ҳисоб рақамига солиқ инспекцияси томонидан қўшимча 2 496 830 731 сўм миқдорида ҳисобланган ҚҚС ундириш бўйича тўлов топшириқномаси юборилган.

Тадбиркорнинг мурожаатига асосан бизнес-омбудсман девонининг ходимлари томонидан “Zarafshon Golden Group” МЧЖнинг банк ҳисоб рақамига қўйилган 6 миллиард сўмлик инкассо қайтариб олиниши таъминланди.

Маълумот учун, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасига кўра, давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари учун қонун хужжатларида назарда тутилмаган қўшимча ҳисобот турлари ман этилган.

Аввалроқ «Straus House» мансабдор шахсларига нисбатан суд ҳукми эълон қилиниб, компания таъсисчиси 9 йилга озодликдан маҳрум этилгани, Сирдарёдаги қурилиш ишларида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани маълум бўлганди.

Янгиликлар