«Э ака, обқочишга мажбурмиз энди». Мактабгача таълим вазири ўринбосари парламент йиғилишида микрофонини ўчиришни унутди (видео)

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 ноябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида давлат буджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг 2020 йилнинг январь—сентябрь ойларидаги ижроси кўриб чиқилди.

Фото: «UzReport»

«Zoom» платформасида ташкил қилинган йиғилишда Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Йўлдошев давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги саволларга жавоб қайтаргач, микрофонини ўчиришни унутган.

Мақсуд Йўлдошев ўзига қўнғироқ қилган Хуршид исмли шахсга жавоб бераётиб, унинг «Э ака, обқочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз», деган сўзлари тўғридан тўғри эфирга узатилган.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

«Ҳақиқатан ҳам Мақсуд Йўлдошев депутатлар саволларига жавоб бергандан сўнг онлайн узатилаётган эфир микрофонини ўчириш эсдан чиққанлиги ва у иш фаолиятини давом эттирганлиги ҳамда бу жараёнда унга бўлган шахсий қўнғироққа жавоб берганлиги маълум бўлди.

Вазир ўринбосари Мақсуд Йўлдошев бу телефон орқали сўзлашув мазмуни депутатларга берилган жавобга алоқаси йўқлигини маълум қилди. Шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари вакилларидан турли хил ъэҳтимолларъга асосланган фикрларини илгари сурмасликлари ва вазиятга тўғри баҳо беришларини сўраймиз», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ интернетда Aндижон вилояти ҳокими Шуҳрат Aбдураҳмонов марҳаматлик уч аёлни 15 суткага қаматгани ҳақида гапирган аудио тарқалганди. Кейинчалик вилоят ҳокимлиги аудиоёзув икки йил аввал ёзилганини маълум қилган.

Шунингдек, орадан бир кун ўтиб, Aндижон ҳокимига тегишли бўлган иккинчи аудио тарқалган. Унда Aбдураҳмонов йиғилишда Тошкентдан келган мутасаддига савол берган тадбиркорларни «шакал» деб атаган. «Эшитвол, ҳаммаси бош вазирга боргани билан менга келади», дея таъкидлаган ҳоким.