«Samarkand Half Marathon» хайрия марафонининг шаҳар ва клублар ўртасидаги ғолиблари маълум бўлди

Самарқанд шаҳрида 17 ноябрь, сешанба куни «Samarkand Half Marathon 2020» доирасида шаҳар ва клублар ўртасидаги ўтказилган мусобақаларнинг тақдирлаш маросими ва якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди, дея хабар бермоқда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.

Фото: «Tez News»

Анжуманда ташкилотчилар томонидан натижалар сарҳисоб қилиниб, тадбирнинг миссияси ва мақсадлари, вазифаларнинг қандай амалга оширилиши тўғрисида батафсил маълумот берилган ҳамда ғолиблар эълон қилинган. Ғолиблар яриммарафон ташкилий қўмитаси раиси, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов томонидан тақдирланган.

Унга кўра, Тошкент шаҳри 5581 километр натижа билан биринчи ўринга лойиқ кўрилган бўлса, иккинчи ўрин — 370 километр натижа билан Душанбе шаҳри ва учинчи ўрин 266 километр масофа билан Самарқанд шаҳрига берилган. Шунингдек, клублар ўртасидаги мусобақаларда учинчи ўрин — «Tourism runners», иккинчи ўрин«Sport family» ва биринчи ўрин «Tashkent runners» клубига насиб этган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, мусобақада дунёнинг 35 мамлакатидан 3000 дан ортиқ иштирокчи қатнашган ва виртуал югуриш мусобақасининг статистик кўрсаткичлари ўтган йилги натижадан икки марта ошган. Ўзбекистоннинг энг яхши 43 нафар спортчиси Самарқанд шаҳрида ғолиблик учун куч синашган. Профессионаллар ўртасида совриндорлар учун мукофот жамғармаси 82 миллион сўмни ташкил этган.

Фото: «Tez News»

«Яриммарафонга тайёргарлик жараёнида фаол турмуш тарзига жалб қилиш ва аҳоли ўртасида югуриш маданиятини тарғиб қилишга қаратилган югуриш, йога ва умумий жисмоний тайёргарлик бўйича 20 дан ортиқ очиқ машғулотлар ўтказилди ва уларда 400 дан ортиқ киши иштирок этди. «Samarkand Half Marathon» инклюзив муҳит, мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти, айниқса, янги сегмент — спорт туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган халқаро спорт брендига айланди», — дейди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, «Капиталбанк» АТБ томонидан иштирокчиларнинг босиб ўтган ҳар бир километри учун 1 км 1000 сўмга тенг миқдордаги пул маблағлари яриммарафон ҳисобига ўтказиб берилади. Мазкур маблағлар ва бошқа барча тушумлар Самарқанд ва Тошкентдаги маданият марказларида АСБ (аутизм спектрининг бузилиши)га чалинган болалар учун 2 та бадиий устахона ташкил қилишга йўналтирилади.

Фото: «Tez News»

Маълумот ўрнида, «Samarkand Half Marathon» хайрия марафонининг эркаклар ва аёллар ўртасидаги баҳсларда ғолиб бўлганларга 12 миллион сўмдан мукофот пули берилган. 2—5 ўрин соҳиблари эса 8, 6, 5 ва 4 миллион сўмдан мукофот, шунингдек, эсдалик совғалари билан тақдирланган.

Аввалроқ мазкур мусобақа натижаларига кўра, аёллар орасида сурхондарёлик Ситора Ҳамидова биринчиликни қўлга киритгани ва эркаклар ўртасидаги баҳсларда эса масофани 1 соат 5 дақиқаю 42 сонияда босиб ўтган тошкентлик 34 ёшли Андрей Петров ғолиб бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар