Жиззахдаги Айдар—Арнасой кўли атрофига узунлиги 90 га 60 метр бўлган Ўзбекистон байроғи ёйилди

Жиззах вилояти Арнасой туманида жойлашган Айдар—Арнасой кўли атрофига 18 ноябрь куни узунлиги 90 га 60 метр бўлган Ўзбекистон байроғи ёйилди. Бу ҳақда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинган куннинг 29 йиллиги муносабати билан Арнасой тумани Наврўз қўрғонидаги Айдар–Арнасой кўли атрофида бир гуруҳ ёшлар 90 га 60 метрли Ўзбекистон байроғини ерга ёйган.

Унда Ўзбекистон Ёшлар ишлари Агентлиги Жиззах вилоят бошқарма бошлиғи Дилмурод Худойшукуров бошчилигидаги Жиззах олимпия захиралари коллежи ёшлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Арнасой туман Кенгашининг фаол ёшлари, Миллий гвардия ҳамда вилоят экология бошқармаси Арнасой туман инспекцияси ходимлари иштирок этган.

Фото: Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистонда давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Ашхобод» истироҳат боғи олдидаги улкан байроқ ёнида «Ватанимиз байроғи — фахримиз, ғуруримиз!» шиори остида фестиваль ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.