Сирдарёда муқаддам 8 марта судланган эркак 5 йилдан ортиққа қамалди

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида яшовчи 67 ёшли С.Б. 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Маълум бўлишича, илгари 8 маротаба судланиб, ўта хавфли рецидивист ҳисобланган, 27 йилдан ортиқ қамоқда ўтириб чиққан эркак яна жиноят содир этган. С.Б. 2021 йил 19 август куни соат 21:30 да маст ҳолатда Гулистон шаҳридаги Б.И.нинг хонадони олдига борган. У ғайриқонуний равишда девордан ҳовлига ошиб ўтиб, уйнинг кириш эшигидаги осма қулфни бузиб, уйнинг ичкарисига кирган. У ердан 3 500 000 сўмлик бир дона телевизорни ўғирламоқчи бўлган вақтида уйга келган Р.И.ни кўриб, жиноятни охирига етказмасдан, воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, 21 август куни соат 10:15 да вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган «Қорадори—2021» тадбири давомида С.Б.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган. У яшаш хонадонида экилган атиргуллар орасида уч туп яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли наша гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб келаётгани аниқланиб, ўсимликлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Тезкор қидирув ишлари натижасида С.Б. қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 25 (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми «а» ва 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Суд эса шу моддалар билан уни айбдор деб топиб, яна кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этган.

Янгиликлар