Наманган халқаро аэропортига энг яхши ном бериш бўйича танлов эълон қилинади

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон аэропортлари» АЖ Наманган халқаро аэропортига энг яхши ном беришга доир танлов эълон қилади.

Маълумотларга кўра, мазкур танловда иштирокчининг фуқаролигидан қатъи назар, 16 ёшдан ошганлар, жумладан, талабалар, ижодкорлар, олимлар, тарихчилар ва туризмни ривожлантириш истагида бўлган барча кишилар иштирок эта олади.

Танловда иштирок этиш шартлари:

  • номнинг ноёб версиясини ўйлаб топиш ва унинг аҳамиятига изоҳ бериш;
  • ҳар бир ном лойиҳасини (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) ғоя тавсифи билан [email protected] электрон манзилга юбориш.

Танлов эълон қилинган кундан икки ой ўтгач, вазирликлар, идоралар ва жамоатчилик вакиллари ва тарихчилардан иборат комиссия келиб тушган таклифлар орасидан аэропорт учун 5 тадан лойиҳа танлаб олади. Ушбу лойиҳалар икки ой муддатга онлайн овоз бериш учун https://uzbektourism.uz веб-сайтига жойлаштирилади.

Онлайн овоз бериш натижалари бўйича ғолиблар Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон аэропортлари» АЖнинг расмий сайтларида эълон қилинади. Комиссия энг яхши лойиҳаларни танлашда қуйидаги мезонларга таянади:

  • номнинг ўзига хослиги ва жозибадорлиги;
  • номнинг аэропорт жойлашган ҳудуд салоҳияти билан боғлиқлиги;
  • муаллифнинг этика ва тил маданиятига риоя қилиши;
  • универсаллик ва ихчамлик.

Таклифлар фақат онлайн тарзда қабул қилинади. Лойиҳалар иштирокчининг шахсий маълумотлари, аэропорт номлари бўйича таклифи, шунингдек, ғоя тавсифи ва ҳудуд учун аҳамияти ҳақидаги изоҳ билан бирга тақдим этилади.

Танлов учун тақдим этилган таклифлар муаллифларга қайтарилмайди. Материаллар [email protected] электрон манзилига юборилаётганда «Мавзу» устунига «Аэропорт номи» деб ёзиш лозим. Танловда иштирок этиш, ғолиб бўлган тақдирда тақдим этилган ном вариантини қўллашга доир мутлақ ҳуқуқни танлов иштирокчиларига автоматик равишда тақдим этишни кўзда тутади. Танлов учун материаллар 2020 йилнинг 20 августидан 20 октябрига қадар қабул қилинади.

Маълумот учун, ушбу танлов Ўзбекистоннинг халқаро аэропортларига энг яхши ном бериш бўйича эълон қилинган. Тошкент шаҳар Ислом Каримов номли ҳамда Андижон шаҳар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли аэропортлар бундан мустасно.

Янгиликлар