Бухорода 2 млрд сўм фоизсиз кредитни сохта ҳужжат билан ўз номига расмийлаштирган банкирларга жиноят иши очилди

Бухоро вилоятида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, 2 миллиард сўм кредит маблағларини нақдлаштириб, талон-торож қилган банк бошқарувчилари фош этилди. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.

Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 27 апрель куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол ва ёғингарчилик 141,6 миллиард сўм зарар келтирган. Шу сабаб Президент кўрсатмаси билан етказилган зарарни бартараф этиш мақсадида банкларнинг фоизсиз кредит ажратиши йўлга қўйилган. Бироқ ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ўрганиш хулосаларига кўра фоизсиз кредитлар мақсадли фойдаланилмагани маълум бўлган.

Аниқланишича, «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки бош офиси ходими О.Т. ҳамда унинг «Тўқимачилик» филиали бошқарувчиси А.Қ.ларнинг ўз номида замонавий иссиқхоналар мавжуд бўлган. 2020 йилнинг 27 апрелида вилоятда юз берган кучли довул оқибатида бу икки шахснинг мулкига зиён етмаган бўлса-да, икки мансабдор ўзаро тил бириктирган ҳолда ўзига тегишли иссиқхоналарга жиддий талафот етгани тўғрисида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаган. Бундан ташқари, банк акциядорлари кенгашини огоҳлантирмасдан, жами 2 миллиард сўм фоизсиз кредит маблағларини ажратиб, ўз иссиқхоналарининг ҳисоб рақамига кўчирган.

Мансабдорлвр сири фош этилгач, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада 4,5 миллиард сўм кредит маблағларини ўзлаштирган шахсларга жиноят иши қўзғатилгани, Самарқандда 1 миллиард 250 минг сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилган мансабдорлар аниқлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар