Фарғонада 4,5 млрд сўм кредит маблағларини ўзлаштирган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Н.И. ва A.Ш.лар олдиндан тил бириктириб, банкдан ажратилган 4,5 миллиард сўм кредитни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланди. Бу ҳақда «Tez News»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Х.» хусусий корхонаси раҳбари Н.И. ва фуқаро A.Ш. ноқонуний даромад орттириш мақсадида олдиндан тил бириктириб, банк муассасасидан ажратилган 4,5 миллиард сўм кредит маблағини A.Ш.нинг пластик картасига ўтказиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Хусусан, Н.И. ва A.Ш. пластик картасига ўтказилган кредит маблағлари ҳисобидан 820,4 миллион сўмни «Қ.» МЧЖнинг кредит тўлови учун ўтказганлиги, қолган пул маблағларини тижорат банклари банкоматлари орқали нақдлаштириб, фуқаро Ш.дан 40 дона ва фуқаро Т.дан 7 дона турли русумдаги енгил автомашиналарини сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларини легаллаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Х.» хусусий корхонаси раҳбари Н.И., фуқаро A.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ошкорлаштириш (легаллаштириш)) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Aввалроқ Нурободда сув тўғони қуришда камчиликларга йўл қўйган корхона мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада сўнгги 10 ой давомида ваколатли ташкилотлар томонидан қанча қонун бузилиши ҳолатлари аниқлангани маълум қилинган.

Янгиликлар