Нурободда сув тўғони қуришда камчиликларга йўл қўйган корхона мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Аввалроқ ОАВда Нуробод туманидаги Омондара паст босимли сув тўғонида ҳосил бўлган ёриқ — гирдобнинг аҳолига келтириши мумкин бўлган хавфи ҳақида хабар тарқалганди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги Омондара паст босимли сув тўғони қурилишида камчиликларга йўл қўйган корхона мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизмати маълумотига асосланиб хабар берди.
Маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида «Ўзмахсуссувқурилиш ихтисослашган компания» ДК (ҳозирги кунда «Ўзмахсуссувқурлиш» МЧЖ деб номланади) томонидан Нуробод туманида жойлашган Омондара паст босимли сув тўғони қурилишида камчиликларга йўл қўйилганлиги учун «Ўзмахсуссувқурилиш ихтисослашган компания» ДК мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «в» банди ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
«Мазкур жиноят иши юзасидан Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов давомида айбдор шахслар доираси тўлиқ аниқланиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади прокуратура хабарида.
Ушбу қурилишда алоқадор бўлган корхоналар мансабдор шахслари гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. Ҳозирда Омондара паст босимли сув тўғонида амалга оширилган қурилиш ишлари лойиҳа кўрсаткичларига мос келишини аниқлаш мақсадида назорат ўлчови ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сув хўжалиги вазирлиги ҳам муносабат билдириб, ушбу тўғон аҳолига хавф солмаслиги ҳақида маълум қилганди.
Аввлароқ Самарқандда фуқароларни қарийб 787 миллион сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва Андижонда ҳокимликдаги танишлари орқали 2 гектар ер олиб беришни айтиб, эвазига 30 минг доллар сўраган мансабдор қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада сўнгги 10 ой давомида ваколатли ташкилотлар томонидан қанча қонун бузилиши ҳолатлари аниқлангани маълум қилинганди.