Наманган шаҳрида дрон сотаётган эркак қўлга олинди

Наманган шаҳрида 16 октябрь куни «Телло» русумли дронни сотаётган эркак аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят Ички ишлаб бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 16 октябрь куни ДХХ вилоят бошқармаси ва туман ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда тадбир ўтказилган. Унга кўра Норин туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро ўзига тегишли бўлган «Телло» русумли дрон аппаратини «Норин авто бозори» дарвозаси олдида Наманган шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқарога сотаётган вақтида ходимлар томонидан ушланган.

Фуқаро авиацияси агентлигининг 2 октябрь кунги маълумотномасида «Телло» номли қурилма техник жиҳатдан фойдаланишга яроқли эканлиги, мазкур қурилмани рухсатномасиз сақлаш, олиб кириш ва ундан фойдаланиш тақиқланиши айтилган. Қурилмага Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги 322-сонли қарорига асосан олиб кириш, олиб юриш, сотиш ва ундан фойдаланиш учун рухсатнома берилмаганлиги, ушбу қурилма фото ва видеокамера билан жиҳозланганлиги сабабли учувчисиз учадиган аппаратлар турига киришлиги кўрсатилган.

Ушбу ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 16 октябрь куни Жиноят кодексининг 244-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Самарқанд халқаро аэропортида ноқонуний равишда дрон олиб кирмоқчи бўлган шахс қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар