18 ноябрь — Ўзбекистонда давлат байроғи куни. Байроқлар тарихига назар соламиз

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи герб ва мадҳия сингари давлат суверенитетининг асосий белгиларидан биридир. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнг ўша йилнинг 18 ноябрида Олий Кенгашнинг VIII сессиясида янги мустақил давлатнинг миллий рамзларидан бири – давлат байроғи қабул қилинди. Шу кундан бошлаб 18 ноябрь Давлат байроғи куни сифатида нишонланиб келинади.

«Tez News» нашри ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон тарихидаги байроқларни эсга олади.

Маълумки, Ўзбекистон ҳудудида тарихда кўплаб қудратли давлатлар мавжуд бўлган. Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Чиғатой улуси, Темурийлар, Шайбонийлар, Бухоро, Хоразм, Қўқон хонликлари, Бухоро, Хоразм, Туркистон республикалари шулар жумласидандир. Бу давлатларнинг ҳар бири ўз байроғига эга бўлган. Байроқлар жангларда кўтариб юрилган, унинг ерга қулаши эса мағлубият билан тенг бўлган. Байроқни ерга қулатмаслик учун байроқдорлар жонларини ҳам аямаган. Шунингдек, байроқлар давлат идораларига, ҳукмдорлар, валиаҳдлар ва амалдорларнинг саройлари ва чодирларига, чегара нуқталарига, забт этилган шаҳар ва қалъалар тепасига тикилган.

Қорахонийлар давлати

Бу байроқ 840–1212 йилларда Қорахонийлар давлатининг байроғи вазифасини ўтаган. Унда қадимги туркларга хос бўлган белгиларни кўриш мумкин.

Ануштегинийлар давлати

Қора рангдаги ушбу байроқ Ануштегиний Хоразмшоҳлар давлати ҳукм сурган йиллар — 1077–1231 йилларда давлат рамзи ўлароқ хизмат қилган.

Чиғатой улуси

Оқ тўғри тўртбурчак ичида сариқ квадрат шаклидаги мазкур байроқ Ўзбекистон ерларида 1224–1340 йилларга ҳукм сурган Чиғатой улусининг байроғидир. Чиғатой улуси ўзбек давлатчилиги, айниқса, ўзбек тили тарихида ўзига хос ўрнига эга.

Темурийлар салтанати

1370–1507 йилларда мавжуд бўлган Темурийлар давлатининг байроғи. Байроқдаги уч нуқта Темур давлатининг дунёнинг уч қитъасига ёйилганини ифодалайди.

Бухоро хонлиги

Ўзбек давлатчилигида энг катта ўринга эга бўлган, замонавий Ўзбекистоннинг энг катта ҳудудларини ўз ичига олган Бухоро давлатининг байроғи. Бухоро 1500–1785 йилларда хонлик, ундан кейин 1920 йилгача амирлик бўлган.

Бухоро амирлиги

Бу байроқ Бухоро амирлигига тегишли бўлиб, 1868 йилда Амир Музаффархон томонидан тасдиқланган. У қолган байроқларга нисабатан белгиларга ва ёзувларга бойлиги учун уларга шарҳ бериб ўтамиз.

Байроқ оч яшил рангда бўлиб, унинг чап томонида амирнинг исми, ўнг томонида тавҳид калимаси ёзилган. Ёзувларнинг ўртасида ярим ой ва беш қиррали юлдуз, унинг пастида эса панжа тасвири туширилган. Ярим ой ва юлдуз туркий диёрлардаги ислом рамзи бўлса, панжа тасвири «Фотима қўли» деб номланади ва ўзига хос тумор вазифасини ўтаган.

Байроқ 1920 йили Бухоро амирлиги тугатилгач, бекор қилинган.

Хоразм (Хива) хонлиги

Оқ рангли ҳамда кўк рангдаги ярим ой шакли туширилган мазкур байроқ Хоразм хонлигининг 1917 йилгача амалда бўлган байроғи ҳисобланади.

1917–1920 йилларда эса қуйидаги байроқдан фойдаланилган.

Қўқон хонлиги

Қўқон хонлиги 1709 йилда Бухоро хонлигидан ажралиб, мустақил бўлган. 1876 йилда хонлик Россия томонидан тугатилган. Байроқ ҳам бекор қилинган.

Туркистон (Қўқон) мухторияти

1917 йили собиқ Қўқон хонлигининг ҳудудида Мустафо Чўқай бошчилигидаги жадидлар мустақил Туркистон мухториятини эълон қилган.

Мухторият байроғи Туркия байроғидан андаза олинган ҳолда лойиҳалаштирилган.

Бу байроқ 1917 йил 27 ноябрдан 1918 йил 22 февралгача амалда бўлган.

* * *

Бухоро, Хоразм, Туркистон ҳудудида совет ҳокимияти ўрнатилгач, байроқлар ҳам советча андозада чиқарилган. Миллий-ҳудудий чегараланишгача Бухоро республикасида олтита, Хоразмда бешта, Туркистонда иккита байроқ алмашган.

Ўзбекистон ССР тузилганидан кейин 1925 йилдан 1952 йилгача олтита намунадаги байроқ алмашган. 1952 йил 29 августдан 1991 йил 18 ноябргача қуйидаги намунадаги байроқ амал қилган.

Мустақил Ўзбекистон

Амалдаги байроқ 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғри тўртбурчак шаклдаги матода акс этган бўлиб, учта асосий горизонтал рангдор бўлакка (ёрқин мовий, оқ, ёрқин яшил) бўлинган. Бу бўлаклар орасини иккита қизил рангдаги горизонтал чизиқ ажратиб туради.

Байроқдаги мовий ранг зангори осмон ва мусаффо сув рамзидир. Оқ ранг — тинчлик ва поклик тимсоли. Оқ ранг Ўзбекистон танлаган йўлнинг мусаффо ва чароғон бўлиши учун яхши ният рамзидир. Қизил йўллар — ҳар бир тирик жоннинг қон томирида уриб турган ҳаётий куч, ҳаёт рамзи.

Яшил ранг — табиат тимсоли. Ярим ой — ислом рамзи. Шунингдек, у юлдузлар билан бирга мусаффо осмон ва тинчликни акс эттиради.

Байроқдаги 12 юлдуз тасвири Ўзбекистоннинг вилоятларини ифодалайди.

Янгиликлар